City Cancer Challenge фонди вакиллари билан учрашув

27 сентябрь куни Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев City Cancer Challenge саратонни даволаш бўйича халқаро фонди ижрочи директори София Буссманн бошчилигидаги вакиллар билан учрашди. Мулоқотларда ҳоким ўринбосарлари, Соғлиқни сақлаш бош бошқармаси раҳбарлари ва Ўзбекистон саратонга қарши жамияти ННТ вакиллари иштирок этди.

Ж.Ортиқхўжаев меҳмонларга ташриф учун алоҳида миннатдорлик билдириб, республикамизда ва бутун дунёда онкологик касалликлар ортиб бораётганини таъкидлади ва мамлакатимизда соғлиқни сақлаш соҳасини ислоҳ қилиш давлат дастурларини амалга ошириш доирасида аҳолига онкологик тиббий ёрдам кўрсатишнинг яхлит тизими ташкил этилганини маълум қилди.
Тиббиёт фанини ривожлантиришнинг замонавий босқичи саратон касалликларининг олдини олиш чораларини янада такомиллаштиришга ва республика аҳолисига онкологик ёрдам бериш сифатини жаҳон андозалари даражасигача оширишга йўналтирилган устувор вазифалар ҳал этилишини тақозо қилишига урғу бериб, ҳозирги кунда 650-700 ўринли онкологик марказ қурилиши якунига етаётгани, 2024 йилда эса яна шундай тиббий муассаса бунёд этилиши кўзда тутилганини таъкидлади.

София Буссманн қабул учун миннатдорлик билдириб, бугунги кунда Фонд вакиллари Тошкентни City Cancer Challenge лойиҳаларида иштирок этиш учун қилган мурожаатидаги параметрларга мувофиқлигини ўрганаётганлигини маълум қилди. Таҳлилий маълумотлар ижобий натижа берса, келгуси йилнинг биринчи чорагида Тошкент билан бу йўналишда ишлаш борасидаги устуворликлар, ёндашувлар, тажриба ва техник кўмакни ўз ичига олган портфолио ишлаб чиқилади. Пойтахтга мутахассис-консультантлар юборилиб, улар яхлит даволаш услубиятини ишлаб чиқиш ва жорий этишда ҳамда тажриба алмашинувини йўлга қўйишда ёрдам кўрсатади.

Буссманн хоним ҳукумат идоралари, хусусан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва ҳокимликнинг ушбу жараёндаги иштироки муҳимлигига урғу бериб, бу, шубҳасиз, келгуси ҳамкорлик учун кучли туртки бўлишини қайд этди.

Мулоқотлар давомида Ж. Ортиқхўжаев онкологик касалликларга қарши курашишга қаратилган барча ташаббусларни қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди.

Orqaga qaytish