Согликни саклаш вазирлиги: Вазир байрам куни бемор хотин-қизлар ҳолидан хабар олди

Бугун Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Б. Мусаев 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказида бўлиб, у ерда даволанаётган хотин-қизлар ҳолидан хабар олди.

Ташриф давомида бемор аёллар билан суҳбатлашиб, уларни гўзаллик ва нафосат байрами билан самимий қутлади. Юртимизда хотин-қизлар саломатлигини асраш давлатимизнинг алоҳида эътиборида эканини таъкидлаб, уларга хасталикдан тезроқ соғайиб кетишларини тилади. Шундан сўнг аёлларга вазирликнинг байрам совғалари топширилди.

— Хотин-қизларни эъзозлаш, уларга ғамхўрлик қилиш барчамизнинг бурчимиз, — дейди вазир. — Президентимиз таъкидлаганидек, онани, аёлни рози қилсак, халқ биздан рози бўлади. Шу сабабли бу ерда даволанаётган ҳар бир бемор, айниқса, ушбу дардга чалинган опа-сингилларимиз биз учун азиз ва қадрли. Уларнинг хасталикдан тезроқ соғайиши ва оиласи бағрига қайтиши учун барча чораларни кўрамиз.

Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 27 майдаги “Аҳолига гематология ва онкология хизматларини кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорида ушбу марказнинг янги биносини қуриш бўйича бир қатор вазифалар белгиланган эди.

Мазкур комплекс таркибида замонавий операцион блок, зарур диагностика ускуналари билан жиҳозланган кўп функцияли поликлиника, илмий тадқиқот ва амалий машғулотлар ўтказиш учун алоҳида илмий лаборатория, шунингдек, беморларнинг қариндошлари ҳамда яқинларини жойлаштириш учун меҳмонхона каби тузилмалар ўрин олиши кўзда тутилган.

Марказ биноси 10 қаватли, 650 ўринли бўлиб, 16 та жарроҳлик хонаси, реанимация, даволаш ва ташхис бўлимларидан иборат бўлади. Шунингдек, кунига 100 нафар беморга хизмат кўрсатиш қувватига эга стационар ҳамда 500 қатновга мўлжалланган онкология консултатив-диагностика марказини қуриш бошланган.

Вазир ташриф давомида муассасада фаолият олиб бораётган шифокор ва ҳамшира опа-сингилларимиз билан ҳам учрашиб, уларни байрам билан самимий табриклади ва шарафли ҳамда масъулиятли вазифаларида зафарлар тилади. Қолаверса, бу ерда даволанаётган беморлар, хусусан, хотин-қизларга сифатли тиббий хизмат кўрсатиш учун зарур шароитлар яратиш бўйича масъулларга тегишли кўрсатмалар берди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.

Orqaga qaytish