Расмий муносабат

Ижтимоий тармоқларда Республика онкология клиникасида шифокор ордери бор бемордан операция учун 1500 АҚШ доллари сўрагани ҳақида хабар тарқалди.

Мазкур ҳолат юзасидан Республика онкология ва тиббий радиология илмий-амалий тиббиёт маркази қуйидагиларни маълум қилади.

Маълумки, бугун юртимизда онкология соҳасида беморларга юқори малакали тиббий хизмат кўрсатишга катта эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Республика ихтисослашган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази мамлакатиздаги бош онкологик муассаса бўлиб, унинг 15 та ҳудудий филиали мавжуд.

Онкология маркази 370 ўринга мўлжалланган стационар ва кунига 200 нафардан ортиқ беморга хизмат кўрсатувчи замонавий маслахат поликлиникасидан иборат. Шифохонага йилига 45 минг нафардан ортиқ аҳоли мурожат қилиб, 12 минг нафардан ортиқ бемор стационар шароитда даволанади.

Айни пайтда муассасада жами 160 нафар шифокор ва 275 нафар ҳамшира беморларга малакали тиббий хизмат кўрсатади. Марказда инсоннинг барча аъзоларида учровчи ўсма касалликларини самарали даволаш бўйича юқори технологик жарроҳлик амалиётлари, кимё терапия ва нур терапия муолажалари ўтказилади.

Президентимизнинг 2021 йил 28 июндаги “Соғлиқни сақлаш сохасида ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан беморларни стационар ётиб даволаниши электрон имтиёзли ордер тизимига ўтказилган.

Шундан келиб чиққан ҳолда марказда имтиёзли йўлланма асосида барча текшириш ва даволаш ишлари бепул амалга оширилади. Ҳудудий филиалларда имтиёзли йўлланмасиз аҳолига текшириш ва даволаш ишлари бепул, давлат маблағлари ҳисобидан бажарилади.

Марказда беморлар мурожатлари, шифокорлар қабулига ёзилиш, барча текширишлардан ўтиш тўлиқ электрон шаклга ўтказилган бўлиб, коррупцияга қарши муросасиз кураш олиб борилади. Бунинг учун Call center +998(71) 200-13-03 ишонч телефонлари кеча-кундуз фаолият юритади.

Қолаверса, беморлар мурожат қилишлари учун марказ директори ва унинг ўринбосарлари кундалик қабуллари йўлга қўйилган. Бўлимларда шикоятлар ва мурожатлар дафтарлари юритилади.

Шундан келиб чиқиб, юртдошларимиз марказ фаолиятига алоқадор қандайдир коррупцион ҳолатга дуч келса, дарҳол юқоридаги ишонч телефони ёки муассаса раҳбариятига мурожаат қилишларини сўраймиз.

Республика онкология ва тиббий радиология илмий-амалий тиббиёт маркази

Orqaga qaytish