Расмий муносабат
Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилояти Зангиота туманида яшовчи фуқаро А.Пўлатованинг онкологик касаллик билан оғриган набирасига шифокорлар томонидан зарур тиббий ёрдам кўрсатилмаётгани ҳақида видеомурожаати тарқалди.
Мазкур ҳолат юзасидан қуйидагилар маълум қилинади.
Аниқланишича, бемор К.И. 2021 йил сентябрь ойида ҳолсизлик, иштаҳасизлик, камқувватлик, қорни катталашиши, кам пешоб ажратиш шикоятлари билан Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт марказига мурожат қилган.
2021 йил 7-25 сентябрь кунлари бемор у ерда стационар текширувлардан ўтказилиб, даволанган. Унга: “Ноаниқ этиологияли сурункали гепатит (В.18.9), рақобатдош ташхис: кўкрак ичи, қўлтиқ ости, ичак тутқичи, кичик чаноқ, қорин парда орти лимфоаденопатияси. Интерстициал пневмония сўрилиш даври, ўпкаларга метастаз, сурункали холецистит (К81.1)” ташхиси қўйилган. Ўтказилган даво муолажаларига қарамай, беморнинг аҳволи оғирлигича қолган ва шу сабабли унга онколог ва гематолог текширувларидан ўтиш тавсия қилинган.
Шундан сўнг бемор “Тез ёрдам” автомашинасида оғир аҳволда умумий ҳолсизлик, кўкс оралиғи, ўмров усти ва қорин бўшлиғи лимфа тугунларининг катталашиши шикоятлари билан Республика ихтисослаштирилган онкология ва тиббий радиология илмий-амалий тиббиёт марказининг маслаҳат поликлиникасига мурожаат қилган ҳамда болалар бўлимига чуқурлаштирилган текширувлардан ўтказиш ва даволаш мақсадида ётқизилган.
Беморга ташхис қўйиш мақсадида 2021 йил 16 октябрь санасида “диагностик лапароскопия” жарроҳлик амалиёти бажарилган ва қорин бўшлиғи лимфа тугунларидан биопсия олинган. Гистологик хулоса (№10439): Кастельман касаллиги. Беморга бўлим шифокорлари томонидан иммуногистохимик текширув (ИГХ) ўтказиш мақсадга мувофиқ деб топилган.
Қолаверса, марказда ИГХ текшируви бўлмаганлиги сабабли уни ўтказиш учун 2021 йил “Медиофарм” клиникаси билан уч томонлама шартнома тузилган ва бемор ушбу текширув учун Республика ихтисослаштирилган онкология ва тиббий радиология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳудудида 002480/09-21-сонли уч томонлама ижара шартномасига асосан фаолият юритаётган мазкур клиника кассасига уч миллион сўм пул маблағи тўлаган. Бемор қўлига қонунга мувофиқ равишда тўлов квитанцияси берилган.
ИГХ текширув натижасида унда “CD3 позитив реакцияси, CD 45 диффуз позитив реакцияси, CD 20 фолликула ва ўсма хужайраларининг позитив реакцияси, Кi67 30% позитив реакцияси” аниқланган ва иммуногистокимёвий хулоса натижасига кўра, “ноходжкин лимфомаси В ҳужайрали тури” ташхиси қўйилган.
Ўтказилган клиник ва инструментал текширувлар (ПЭТ/КТ, МСКТ, УТТ, КТ, қон анализлари, ЛДГ миқдори ва иммуногистокимёвий текширув натижалари)га асосланиб, беморга “Ноходжкин лимфомаси, В ҳужайрали фенотип. CD 3 +, CD 45 +, CD20 +, KI67-30%” ташхиси қўйилган ва консилиум қарори билан 2021 йилнинг 1 ноябридан 2022 йилнинг 6 июнигача 6 курс химиотерапия билан даволанган.
4 курс химиотерапиядан сўнг динамикада ПЭТ/КТ ўтказилганда, барча лимфа тугунларда ўлчам кичиклашиши ва метоболик активлик пасайиши кузатилган. Бемор шундан сўнг 5-6 курс химиотерапияни ҳам олган. 6 курс химиотерапиядан сўнг умумий аҳволи яхшиланган, лимфа тугунлари кичрайган ва у қониқарли аҳволда бўлган.
Шундан сўнг, даволаш стандартларига асосан, беморда нур терапия ўтказиш режалаштирилган ва 2022 йил 22 июндан 8 июлгача СОД 23,4 Гр дистанцион нур терапияси бажарилган. Бироқ бемор тилхати асосида орада бир муддат узилиш бўлган. Кейинчалик ўша йили 17 августдан 9 сентябрга қадар нур терапия давом эттирилган ва СОД 23,4 Гр ўтказилган.
2022 йил 2 ноябрда ўтказилган ПЭТ/КТ натижасида салбий динамика аниқланган, яъни тугунларнинг метоболик активлиги ошган ва жигар дарвозаси ва панкреатодуоденал соҳа лимфа тугунларида бироз катталашиш кузатилган. Бемор ўз хоҳиши билан Россия болалар клиник шифохонаси (Н.И.Пирогов номидаги Россия миллий тадқиқот тиббиёт университети филиали)га мурожаат қилган ва у ерда 2022 йил 21 декабрдан 2023 йил 18 январга қадар даволанган.
2022 йил 26 декабрь санасида беморда ушбу тиббиёт муассасасида “лапароскопия, ревизия” амалиёти бажарилган. Амалиёт вақтида ўткир қон кетиш асорати кузатилган. Шу сабабли беморда қорин бўшлиғини очиш, яъни “лапаротомия” бажарилган. Қон тўхтатилган ва жигар дарвозаси лимфа тугунидан биопсия олинган. Қолаверса, 2023 йил 10 январда жигардан қайта пункцион биопсия олиш амалиёти ҳам бажарилган.
Гистологик хулосага кўра, “Ўсмали зарарланиш йўқ, сурункали линфаденит белгилари, лимфа тугунларида реактив гиперплазия” аниқланган. Касалликка морфологик текшириш орқали ташхис қўйиш имконсиз бўлганлиги сабабли, бемор геномини тўлиқ секвенирлаш текшируви ўтказилган. Ушбу текширув ҳозирда Ўзбекистонда мавжуд эмас. Хулоса: “SOCS1 c.278T>C, het генида ноаниқ клиник белгили вариант. Бу вариант ота-онасида аниқланмади. Яна РНКА2 с.3479G>A, het генида ҳам ноаниқ клиник белгили вариант (гликоген IXa1 типининг тўпланиш касаллиги)”.
Бу иммунитет бузилиши билан комбинациялашган бирламчи иммунитет танқислиги (D84.8. бошқа белгиланган иммунитет танқислиги касалликлари). Беморда номаълум, замонавий фанда тўлиқ ўрганилмаган лимфопролифератив касаллиги аниқланган. Бу жуда кам учрайдиган хасталик бўлиб, Россия Федерацияда биринчи, дунё бўйича иккинчи марта кузатилган ҳолатдир.
Беморга Россия Федерацияси мутахассислари томонидан ҳозирги кунда глюкокортикостероидлардан преднизалон ва иммунодепрессорлар, ўсмага қарши таргет дори воситаси – ритуксимаб (мабтера) ва симптоматик даво ўтказилмоқда. Ноходжкин лимфомаси касаллигида ҳам худди шундай дори воситалари қўлланилади.
Юқоридаги маълумотлардан келиб чиқиб шуни маълум қиламизки, бемор К.И. Республика ихтисослаштирилган онкология ва тиббий радиология илмий-амалий тиббиёт марказида мавжуд ускуналар ёрдамида ўтказилган текшириш ва даволаш жараёнлари мавжуд стандартлар асосида тўғри ўтказилган ва бемор аҳволи дастлаб яхшиланган. Кейинчалик бемор ҳолатининг оғирлашиши ўтказилган даво муолажалари ва дори воситалари сабабли эмас, аксинча, касалликнинг ноёб генетик тури боис кузатилган.
Республика ихтисослаштирилган
онкология ва тиббий радиология
илмий-амалий тиббиёт маркази
Orqaga qaytish