Бугун Кох Авиценна жамияти раиси профессор Гельмут Хан бошчилигида Германия
Бугун Кох Авиценна жамияти раиси профессор Гельмут Хан бошчилигида Германия Федерациясидан етакчи шифокор мутахассислар гурухи 26-27 май кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон — Германия халқаро тиббиёт форумида қатнашиш мақсадида Ўзбекистонга етиб келишди. Улар бугун 25 май куни Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий – амалий тиббиёт марказига ташриф буюришди.
Хорижлик меҳмонлар онкология ва радиология маркази фаолияти билан, беморларга яратилган шароитлар, марказнинг моддий-техник базаси ва бажарилаётган текшириш ва даволаш усуллари билан танишишди. Ташриф давомида улар марказ маъмурияти, етакчи ходимлар билан давра суҳбати ўтказишди.
Делегация таркибида Германиянинг нуфузли “Helios Klinikum Northheim” жарроҳлик клиникалари тиббий директори ва бош врачи профессор Аксель Рихтер хам ташриф буюрди. Профессор А. Рихтер Ўзбекистонга илк бор жорий йилнинг апрель ойида ташриф буюрган ва Соғлиқни сақлаш вазири А.Иноятов билан учрашув ўтказган эди. Мулоқот сўнгида вазир А.Иноятов ва А.Рихтер қатор йўналишлар, жумладан, хирургия ва онкология соҳалари бўйича кадрлар алмашиш, улар малакасини ошириш юзасидан ўзаро ҳамкорлик қилишга келишиб олишган эди.
Профессор А.Рихтер беморлар кўрикларида қатнашди ва 2 нафар йўғон ичак саратони беморларида марказ мутахассислари билан биргаликда видеолапароскопик гемиколэктомия ва тўғри ичак резекцияси юқори технологик кам инвазив жарроҳлик амалиётларини бажарди. Ушбу махорат дарсида марказнинг барча онколог-жарроҳлари иштирок этишди.