Расмий муносабат

Ижтимоий тармоқларда Республика ихтисослаштирилган онкология ва тиббий радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Тошкент шаҳар филиали “Клиник диагностика” лабораторияси март ойидан тўлов тизимига ўтказилиши ҳақида хабарлар тарқалди.

Мазкур ҳолат юзасидан қуйдигилар маълум қилинади.

Маълумки, сўнгги йилларда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлигини янада яхшилаш мақсадида соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш, унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, РИО ва РИАТМ Тошкент шаҳар филиалида онкологик хасталикларга чалинган беморларнинг бепул даволанишлари учун қулай шарт-шароитлар яратилди. Муассасанинг клиник-биохимик лабораторияси зарур тиббий асбоб-ускуналар билан таъминланди. Натижада, ҳозир бу ерда 70 дан ортиқ тиббий таҳлиллар ўтказилмоқда.

Айтиш лозимки, бугунгача муассаса раҳбарияти, клиник-биохимия лаборатория ходимлари томонидан бу ерда даволанаётган беморларга лаборатория таҳлилларининг тўлов асосида амалга оширилиши бўйича ҳеч қандай кўрсатма берилмаган. Қолаверса, шифохонага келган бирор бир беморга пуллик асосида тиббий хизмат кўрсатилмайди. Ушбу тартиб жорий йил март ойидан кейин ҳам давом этади ва клиник-биохимик лаборатория тўлов тизимига ўтказилмайди.

Шундай экан ўз вазифаларига виждонан ёндашиб, эл саломатлиги йўлида беминнат хизмат қилаётган фидойи тиббиёт ходимлари ҳақида бундай нотўғри ва асоссиз маълумотлар тарқатилиши мақсадга мувофиқ эмас.

Республика ихтисослаштирилган онкология ва тиббий радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Тошкент шаҳар филиали

Orqaga qaytish