“Микрофон кўтарган аёл” интернет тармоғида…

“Микрофон кўтарган аёл” номи билан телеграм интернет тармоғида фаолият юритувчи блогер тарқатган маълумотга РАДДИЯ

Яқинда “Микрофон кўтарган аёл” номи билан телеграм интернет тармоғида фаолият юритувчи блогер юртдошимиз томонидан, юртимиз онкология тизими хақидаги бир қанча салбий ва асосланмаган фикрлар билдирилган пост пайдо бўлди.

Албатта, хар бир юртдошимиз ўз фикр мулоҳазаларини эркин юритиш хуқуқига эга ва буни биз ҳам қўллаб қувватлаймиз. Аммо, 4 ярим мингдан ортиқ муҳлисларига эга бўлган, халқимиз эътиборини қозонган блогеримиз аввал юртимиз онкология тизимининг хозирги холати, унда охирги йилларда амалга оширилаётган ишлар ва беморларга яратилаётган шароитлар билан яқиндан танишиб, сўнгра ижтимоий тармоқда ўз фикрини билдирса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Ўзбекистонда бошқа давлатларга нисбатан онкологик касалликлар билан касалланиш, ўлим кўрсаткичлари юқори, йилдан – йилга ортиб бормоқда, статистика эълон қилинмайди деган сўзлар мутлақо хақиқатдан йироқ. Ўзбекистонда онкологик касалликлар статистикасига бағишланган ва динамикада 5 йиллик кўрсаткичларимиз таққосланган китобча ҳар йили чоп этиб борилади ва истаган инсонларга ушбу маълумотлар тақдим этилиши мумкин.

2019 йилда онкологик касалликлар билан касалланиш Ўзбекистонда 100 000 минг аҳолига нисбатан 74,1ни ташкил этди. Дунёда 2018 йилда бу кўрсаткич бўйича қуйидаги мамлакатлар юқориги ўринларни эгаллаган: 1-ўринда – Австралия  (100 минг аҳолига нисбатан – 468), 2-ўринда – Янги Зеландия (438), 3 – ўринда – Ирландия (373,7), 4 – ўринда – Венгрия (372,2), 5-ўринда – АҚШ (370). Россия Федерацияси 55 – ўринни эгаллаган бўлиб, 100 минг аҳолига нисбатан -222,1 ни ташкил этган. Кўриб турганингиздек, Ўзбекистонда бу кўрсаткич анча паст даражада. Касалланиш кўрсаткичларининг бутун дунёда каби Ўзбекистонда ҳам йил сайин ортиб бориши кузатилмоқда (2015й. – 67,1; 2016й. – 66,9; 2017й. – 72,2; 2018 й. 71,2), аммо бу холат жаҳон кўрсаткичлари даражасида бўлиб, аҳоли сонининг ортиши, ўртача яшаш давомийлигининг узайиши, экологиянинг ифлосланиши, кам ҳаракат яшаш тарзининг кўпайиши, озиқ овқатлар таркибининг сунъийлашиб бориши билан изоҳланади.

Ўлим кўрсаткичи ҳам Ўзбекистонда 2019 йилда 100 минг аҳолига нисбатан 40,6 ни ташкил этган бўлиб, бу кўрсаткичнинг сўнги 3 йилда камайиб бориши кузатилмоқда (2017 й.да – 44,7; 2018 й.да – 41,1 бўлган). Айнан мана шу ўлим кўрсаткичи Globocan агентлигининг 2018 йилдаги маълумотига кўра, Россия Федерациясида 100 минг аҳолига нисбатан 202,3 ни, АҚШда 154,2 ни, Европа давлатларида 124,9 ни, Хаттоки қўшни Қозоғистонда 78,1 ни ташкил этган.

Албатта, хеч бир соҳа йўқки, муаммо, камчилик ёки нуқсон бўлмаса. Аммо эришилаётган ютуқлар ва муаммоларни бартараф этиш йўлида амалга оширилаётган ишлар ҳусусида ҳам билиб қўйилса ёмон бўлмайди албатта. Келинг, гапимиз қуруқ бўлмасин, юртимиз онкология тизими, статистик маълумотлар ва бу соҳада охирги 4-5 йилда амалга оширилаётган ишлар ҳусусида қисқача маълумот бериб ўтамиз.

Республикамиз онкология тизимининг бош муассасаси онкология ва радиология илмий амалий тиббиёт маркази ҳисобланади.  Марказ 370 ўринги мўлжалланган. Марказнинг жаъми 15 та, яъни 12 та вилоят, 2 та шахар ва Қорақалпоғистон республикаси филиаллари мавжуд бўлиб, ўринлар сони жамланганда 2293 тани ташкил этади. Бундан ташқари, ТТБ ва ҚОПларда 232 та онкологик кабинетлар ҳам мавжуд. Ҳар бир туман даражасигача етиб борган бундай онкология тизими хамма давлатларда ҳам мавжуд эмас ва ўринлар сони етарли эмас дейишга хеч қандай асос йўқ.

Юртимиз онкология тизимида талайгина, кези келса айтишимиз керак, узоқ йиллар давомида ўз ечимини топа олмай ётган кўпгина муаммолар мавжуд эди. Юртимиз тарихида биринчи бор 2017 йил 4 апрелда шаҳсан Президентининг “Ўзбекистон Республикасида онкология ҳизматини янада ривожлантириш ва аҳолига онкологик ёрдам кўрсатишни такомиллаштириш чора тадбирлари тўғрисида”ги 2866-сонли Қарори қабул қилинди.  Қарор ижроси натижасида ўтган 3 йил ичида жуда кўп ўзгаришлар юз берди. Келинг уларни энг муҳимларини санаб ўтамиз:

15 та вилоят онкология диспансерлари марказимизнинг филиалларига айлантирилди ва вертикал бошқарув тизими жорий этилди;

Юртимиз онкология муассасалари билан 15 та етакчи хорижий клиникалар билан ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандумлар имзоланди;

Ушбу хамкорлик келишувлари доирасида жами 136 нафар онколог мутахассис етакчи хорижий клиникаларда давлат маблағлари ҳисобидан малакаларини ошириб келишди;

2019 йил январидан мутлақо янги диагностика тизими – марказимиз, Самарқанд ва Фарғона филиалларида иммуногистохимик текшириш лабораторияси фаолияти йўлга қўйилди;

Марказимиз ва унинг филиалларида эндоурологик операциялар, видеолапароскопик амалиётлар, янги кенгайтирилган ва аъзо сақловчи реконструктив-тиклаш операциялари кенг жорий қилинди;

Марказимиз ва Тошкент шахар филиалига энг замонавий “Elekta Infinity” радиотерапевтик ускунаси харид қилинди ва ўта аниқлик билан нур терапия ўтказиш билан бирга, Марказий Осиёда биринчи бор радиохирургия йўлга қўйилди. Барча филиалларда нур бериш ускуналари учун бункерлар хозирланди, ўлчаш учун компьютер томографиялар олинди ва хозирда яна 11 гамма терапевтик ва 7 та брахитерапевтик нур бериш ускуналари филиалларимизга ўрнатилмоқда. Бугунги кунгача Сирдарё, Жиззах, Хоразм, Самарқанд, Тошкент вилоятларида янги нур терапия ускуналир ўрнатилиб, нур бериш бўлимлари очилди ва ўз фаолиятини бошлади. Яқин кунларда Андижон, Фарғона, Қашқадарё ва сурхондарё вилоятларида ҳам нур терапия бўлимлари очилиши режалаштирилмоқда. Юртимизда барча бўлимлар очилиши натижасида, нур берапия ўтказишдаги навбат муаммоси тўлалигича бартараф этилади. Бундай ўзгаришларни авваллари фақат хаёт қилиш мумкин эди холос!

Янги диагностик ва даво усулларини қўлланилиши туфайли 2017-2019йй.да қарийб 2000 дан зиёд хорижлик беморлар Ўзбекистон онкология тизимига шифо истаб мурожаат қилдилар;

Марказимиз маслахат- диагностик корпусининг реконструкцияси якунланиб 2019 йил июл ойида ишга топширилди. Бунда кунига 300 қатновга мўлжалланган замонавий технологиялар билан жихозланган, электрон навбат ва регистрацияни ўз ичига олган маслахат-диагностика поликлиникаси жойлаштирилди. Барча қабул, навбат кутиш, текшириш усуллари рақамлаштирилган. Аҳолимиз учун cancercenter.uz сайти ишга туширилди. Хаттоки навбатга online ёзилиш имкони ҳам яратилди. Хозирда марказда касаллик тарихлари ҳам электрон шаклда юритилиши ташкил этилди;

Айни вақтда Марказнинг энг замонавий жаррохлик блоки ва жаррохлик бўлими корпуслари реконструкцияси ўтказилмоқда ва ишга тушириш арафасида;

2019 йилдан зарур химиопреапратлар учун 5 млн доллар эквивалентида маблағлар ажратиш бошланди. Бунинг натижасида Марказда онкологик беморларни энг зарур кимё препаратлари билан таъминоти аввалги 12-15% дан 80-85% гача яхшиланди;

Ўзбекистон бўйича ягона “Хавфли ўсмаларни текшириш ва даволаш стандартлари ва клиник протоколлари” ишлаб чиқилди ва жорий этилди. Барча текшириш ва даволаш ишлари шу протоколлар асосида олиб борилади ва бу стандартлар ҳар йили янгиланиб борилади;

Марказнинг штатдаги умумий ходимлари сони доирасида тиббиёт статистикаси бўлими негизида канцер-регистрни ўз ичига олувчи Саратон профилактикаси марказини ташкил этилди. Шунингдек илмий изланишларни жадаллаштириш мақсадида Экспериментал онкология маркази ташкиллаштирилди;

Республика метрология марказини РИОваРИАТМнинг Рентгенорадиология маркази билан бирлаштирилди ва нур ускуналари метрологияси маркази ташкил этилди;

Бундан ташқари, 2019йил 24 октябрида ССВ раҳбарлигида РИОРИАТМ ходимларини бевосита ҳаракатлари натижасида №892-сонли “Онкологик хизматни янада ривожлантириш ва онкологик касалликларнинг кечки босқичларини бошидан ўтказаётган беморларга тиббий-психологик ёрдам кўрсатишни такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” Вазирлар Махкамасининг Қарори қабул қилинди. Ушбу қарор асосида барча онкология муассасаларида ўтиб кетган, оғир ва кечки босқичлардаги беморларни даволашга мўлжалланган 200 ўриндан иборат паллиатив бўлимлар ташкил этилди. Қарор ижроси доирасида ёрдамга мухтож, маҳсус даво ўтказиш имкони бўлмаган оғир беморлар учун 4 та вилоятларда худудлар аро Хоспислар ташкил этилмоқда.

Хозирда Тошкент шахрида 3 та ҳусусий клиникада Позитрон-эмиссион томография ускуналари беморларга ҳизмат кўрсатмоқда. Президент Қарори ижроси доирасида марказимизга 2021 йил сўнгига қадар бошқа замонавий ускуналар қаторида ушбу қимматбаҳо ПЭТ/КТ ускунасини олиш режалаштирилган. ПЭТ/КТ ускунаси ҳозирда дунёнинг барча давлатлари қатори Ўзбекистонда ҳам клиник онкология амалиётига тадбиқ этилаётган янги диагностик усуллардан бири ҳисобланади.

Албатта, шунча ўзгаришлар қилинаётган онкология тизимини инқироз ёқасидаги, умуман беморларга ёрдам бериш имкониятига эга бўлмаган шаклда тасвирлаш адолатда эмас деб ҳисоблаймиз. Юртимизда барча хавфли ўсма билан оғриган онкологик бемоларни текшириш ва даволаш ишлари Давлат маблағлари ҳисобидан бепул амалга оширилади. Хорижий давлатларга даво истаб кетиб, оғир ахволда қайтиб келиб, юртимиз онкологик муассасаларида шифо топиб кетаётган беморларимиз жуда кўп. Қолаверса, хозирда чет эл фуқароларини марказимиз ва филиалларга жалб этиш мақсадида тиббий туризм бўлимлари, люкс хоналар ва бунинг учун бутун бир тизим ташкил этилган.

Мархамат, марказимиз ва онкология тизимидаги хақиқий ҳолат билан танишишни истаган фуқароларимизни давра суҳбатларига, мулоқотларга чорлаб қоламиз. Зеъро, камчиликларимизни бартараф қилиб борган ҳолда, эришаётган ютуқларимиз билан фахрланиш учун ўзимизни тўлақонли ҳақли деб ҳисоблаймиз. Чунки, биз – ҳалқимизни тиббиёт ҳодимларидан розиликларига эриши йўлида сидқидилдан ҳаракат қилаётган саломатлик посбонларимиз!

Orqaga qaytish