Zaif ko'ruvchilar uchun

+998(71) 246-05-13

Yangiliklar 2

Наманганда аёллар репродуктив тизими аъзолари хавфли ўсмалари профилактикаси, эрта диагностикаси ва даволаш масалаларига бағишланган Ўзбекистон онкологларининг илмий-амалий конференцияси ўтказилмоқда.
Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази ва унинг барча вилоятлардаги филиаллари раҳбарлари, мутахассислар, Россия, Жанубий Корея, Япония, Туркия, Ҳиндистон каби давлатларнинг нуфузли клиника ва тиббий илмий-тадқиқот марказлари профессорлари, ёш олимлар иштирок этмоқда.
Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимига қаратилаётган алоҳида эътибор, жумладан, онкология соҳасига юқори самарали ташхислаш ва даволаш усуллари татбиқ этилаётгани, бирламчи профилактик ҳамда скрининг текширувлари қўлланилаётгани касалликни эрта аниқлаш ва бартараф этишда муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидланди.
– Тиббиёт соҳасидаги туб ислоҳотлар туфайли мамлакатимизда замонавий онкология тизими яратилди, – дейди Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази директори М.Тиллашайхов. – Президентимизнинг жорий йил 4 апрелдаги “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида онкология хизматини янада ривожлантириш ва аҳолига онкологик ёрдам кўрсатишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори соҳа ривожида муҳим дастуриламал бўлмоқда. Ушбу ҳужжатга мувофиқ, беш йил мобайнида онкология хизмати моддий-техник базасини ривожлантиришга Ўзбекистон Республикаси бюджети маблағларидан 32,5 миллиард сўм ҳамда халқаро молия институтларининг кредит маблағлари ва грантлари ҳисобига 144,1 миллион доллар маблағ йўналтириш режалаштирилган. Бундан кўзланган мақсад бугунги кунда долзарб вазифа бўлиб қолаётган онкологик касалликларни илк босқичидаёқ аниқлаш ва даволаш тизимини такомиллаштиришдир. 2018 йилдан бу йўналишда скрининг хизмати ташкил қилиниши ҳам соҳа ривожидаги муҳим қадамлардан бири бўлади.


Икки кун давом этадиган конференцияда мамлакатимиз ва хорижлик олимларнинг 40 дан зиёд илмий маърузалари тингланади. “Ёш онкологлар” анжумани ташкил этилиб, унда юртимизнинг турли ҳудудларида шу соҳада фаолият олиб бораётган ёш шифокорлар ўз маърузалари билан иштирок этади.
– Бутун дунё тиббиётида долзарб вазифа бўлиб турган онкологик касалликлар профилактикасида илмий-амалий ҳамкорлик муҳим аҳамиятга эга, – дейди Ҳиндистоннинг BLK-Hospital клиникаси вакили Панж Кумар Панде. – Бу борада Ўзбекистонда олиб борилаётган ишлар диққатга сазовор. Буни ушбу конференцияда кўплаб давлатлардан мутахассислар иштирок этаётганида ҳам кўриш мумкин.


Конференцияда Наманган вилояти ҳокими Х.Бозоров сўзга чиқди.

Вернуться назад